Система Orphus

Shriftning o'lchamini

Qarama-qarshilik

        
Siz bu yerdasiz: Bosh sahifa Kombinat to'g'risida

Kombinat to'g'risida

XX асрнинг ўрталарига келиб Қизилқумнинг бепоён ҳудудларида асрлар давомида ўзлаштирилмай ётган ерости бойликларини тадқиқ қилиш натижасида 1958 йилда Учқудуқда топилган уран захираларини қазиб олиш ва қайта ишлаш учун Навоий кон-металлургия комбинати ташкил этилди.

Комбинатнинг барпо этилиши, ривожланиши ва улкан корхонага айланиши матонатли, мустаҳкам иродали, энг мураккаб муҳандислик, техникавий ва ижтимоий масалаларни ҳал этишга қодир, фидойи кишилар меҳнатининг самарасидир. Улар ўз ҳаётини бахшида этган бу иш учун куч ва ғайратларини аямадилар. Йирик корхона бугунги кунда давлатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллайди.

Мустақиллик йилларида комбинатнинг юксак малакали ходимлари саъй-ҳаракати ҳамда унинг бўлинмаларида олиб борилган техник қайта жиҳозлашнинг илмий асосланган стратегияси амалга оширилиши натижасида ерости бойликларини қазиб чиқариш, қайта ишлаш кўпайди, маҳсулот сифати ҳамда экспорти ҳажми ошди. Навоий кон-металлургия комбинати олтин ва уран ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи компаниялар ўнталигидан жой олди.

Истиқлол йилларида ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилишнинг кенг имкониятлари очилди. Бу эса ўз навбатида комбинатни жадал ва комплекс ривожлантиришни кафолатлади. Айниқса, кейинги ўн йилликда комбинатда жаҳон стандартларига мос, ташқи бозорларда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайдиган, илғор технологиялар билан жиҳозланган корхоналар барпо этилди. Жумладан, 3-гидрометаллургия заводида сульфидли маъданларни бактериал оксидлаш усулида қайта ишлаш технологияси муваффақиятли жорий этилди. Марказий кон бошқармасида Олтинни уюмда ишқорлаш цехи ва “Мурунтов” конида эмульсион портловчи моддалар заводи, Жанубий кон бошқармасида тўртинчи гидрометаллургия заводи, Мурунтов конида қуввати бўйича жаҳонда ягона бўлган Тик-қия конвейери ишга туширилди.

Давлатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлаши билан комбинатда янги ишлаб чиқариш корхоналарини қуриш, уларни илғор технологиялар билан жиҳозлаш, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ишлари кўлами янада

кенгаймоқда. Бу эса таркибида олтин бўлган маъданлар ва уранни қазиб олиш ҳамда уларни қайта ишлаш ҳажмининг ўсишини таъминлаяпти.

Улкан корхонада олиб борилган техник ва технологик янгиланишлар туфайли республикамизда олтин, кумуш ва уран ишлаб чиқариш қарийб икки баробар ошди. Комбинатнинг «999,9» пробали олтин қуймалари жаҳоннинг

қимматбаҳо металлар бўйича биржаларида Ўзбекистоннинг брендига айланди. 

Ўзбекистонда замонавий ишлаб чиқаришнинг ташкил этилаётгани ва изчил ривожланаётгани, янги-янги корхоналарнинг ишга туширилаётганлиги мамлакат иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Комбинатнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда тамал тоши қўйиб берилган 5-гидрометаллургия заводини барпо этиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Бугун Зарафшон воҳаси улкан бунёдкорлик ишлари майдонига айланган. Мамлакатимиздаги бу каби улуғвор режалар ва ҳаётбахш саъй-ҳаракатлар бугунги шиддатли ислоҳотлар

мазмунини бойитмоқда. Комбинатнинг аҳил жамоаси бу улуғвор вазифаларни рўёбга чиқаришда бор имкониятларини сафарбар этмоқда.

 

Навоий кон-металлургия комбинати бўлинмалари:

- Шимолий кон бошқармаси.

- Марказий кон бошқармаси.

- Жанубий кон бошқармаси. 

- “1-ГМЗ” кон бошқармаси. 

- 5-кон бошқармаси. 

- Навоий машинасозлик заводи.

- Зарафшон қурилиш бошқармаси. 

- Геология қидирув экспедицияси. 

- Марказий илмий-тадқиқот лабораторияси. 

- Ишлаб чиқаришни автоматлаштириш бошқармаси. 

- Марказий моддий-техник база.

- Тармоқлар ва нимстанциялар цехи.

- Ахборот-коммуникациялари технологиялари бошқармаси. 

- Бирлашган энергия хизмати. 

- Идоравий ҳарбийлашган қўриқлаш хизмати. 

- “Агама” тўқув-трикотаж фабрикаси. 

- Уй-жой коммунал хизмати. 

- “Дўстлик” агрофирмаси. 

 

Инновацион тараққиёт йўлидан

Бозор иқтисодиёти шароитида ҳар бир корхона ўзининг инновация бўйича аниқ стратегиясига эга бўлиши шарт. Ишлаб чиқаришни инновацион технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Комбинатда кейинги йилларда пухта ўйланган, узоқ муддатга мўлжалланган стратегия асосида соҳани инновацион тараққий эттириш бўйича илмий-тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда, ресурс ва энергия тежамкор технологияларга асосланган ишлаб чиқариш қувватлари яратилмоқда. Энг муҳими, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини инновацион технологиялар асосида бошқара оладиган билимли ва шижоатли маҳаллий кадрлар тайёрланди.

2018 йилда комбинатда илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион фаолиятни ривожлантириш мақсадида Инновация маркази ташкил этилди ва «Навоий кон-металлургия комбинатини 2026 йилгача инновацион ривожлантириш дастури» қабул қилинди. Дастурдаги 105 та инновацион лойиҳаларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилиши олтин таркибли рудалар ва уранни қазиб олиш ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш, маҳсулот таннархини камайтириш, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар сонини кенгайтиришга катта замин яратади. 

Комбинатда бугунги кунда ўн минг нафардан ортиқ олий маълумотли ходим, шу жумладан, ўттиз бир нафар фан номзоди ва етти нафар фан доктори меҳнат қилмоқда. Ўзбекистон кон-металлургия саноати тарихида биринчи марта 2017 йилда Навоий кон-металлургия комбинати ва Навоий давлат кончилик институтининг бир гуруҳ олим ва мутахассислари мураккаб таркибли рудалардан олтинни ажратиб олиш технологиясини яратганликлари учун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Жаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг «Энг яхши ихтирочи» олтин медали билан тақдирланиши юртимиз илм-фанига берилган юксак баҳо бўлди.

Навоий кон-металлургия комбинатида интеллектуал мулк ривожига алоҳида эътибор қаратилганлиги туфайли ихтиролар учун Интеллектуал мулк агентлигидан кўплаб патентлар ва ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари ҳамда маълумотлар базасига муаллифлик гувоҳномалари олинган. Шунингдек, ҳар йили ихтиролар бўйича патент берилиши учун Интеллектуал мулк агентлигига талабномалар бериб борилмоқда. Шу билан бирга Халқаро патент ташкилотларига ихтиролар ва фойдали моделлар учун ҳам талабнома тақдим этилди. Корхона ишчи-ходимлари ва муҳандисларининг рационализаторлик таклифлари доимий равишда ишлаб чиқаришга жорий этилиши жаҳон стандартлари талабларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш, саноатга замонавий технологияларни жадал олиб киришни таъминламоқда. Мамлакатимизда илм-фанни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор юртимиз илмий-техник салоҳиятини юксалтириш, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кенгайтириш, иқтисодиётни модернизация қилиш ва энг муҳими, халқимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

 

Малакали кадрлар – муваффақият гарови

Комбинат кадрлар сиёсатининг бош стратегияси бу – корхонанинг амалдаги ва янгидан ишга тушириладиган объектларини малакали мутахассислар ва ишчилар билан ўз вақтида ва сифатли таъминлаш, етук мутахассисларни тайёрлашдир. Комбинатда кадрлар сиёсатига тизимли ёндашилиб, уларнинг касбий юксалиши, захирасини ташкил этиш, малакасини ошириш ва амалий маҳоратларини ривожлантириб бориш муҳим вазифалардан бири бўлган ва шундай бўлиб қолади.

Комбинатнинг олтита ўқув марказида ёш мутахассис ва юқори малакали ишчи-ходимларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда 60 мингга яқин ишчи-ходимларнинг 93 фоиздан ортиғи ҳамда раҳбарларнинг 90 фоиздан кўпроғини маҳаллий мутахассислар ташкил қилаётгани соҳада зарур муҳандис кадрларни тайёрлаш бўйича олиб борилган тизимли чора-тадбирлар натижасидир.

Ҳозирги кунда замонавий ва креатив фикрлайдиган, ҳар қандай вазиятда ҳам масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ғайратли ва шижоатли, интеллектуал салоҳиятли, ватанпарвар ёш кадрларга корхоналар бошқарувида муҳим вазифалар ишониб топширилмоқда. Улар комбинатни ривожлантириш доирасида олиб борилаётган барча ишларда ташаббускор, ҳар бир масалага янгича ёндашувлари билан ажралиб туради.

Мамлакатимизнинг кон-металлургия соҳаси учун зарур мутахассислар, малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган. Комбинатни мутахассислар билан таъминлайдиган асосий олий ўқув юртларидан бири бўлган Навоий давлат кончилик институтининг замонавий янги ўқув биноси бунёд этилди. Институт энг замонавий лаборатория жиҳозлари билан таъминланди. Бугунги кунда институтда 14 нафар фан доктори, 46 нафар фан номзоди талабаларга илм сирларини ўргатишмоқда. Институтда асосан вилоятдаги йирик саноат корхоналари учун малакали муҳандис-техник кадрлар, кончилар, металлурглар, механиклар ва энергетиклар тайёрланмоқда.

Комбинат раҳбарияти томонидан ёшларни, ўқитувчи-профессорларни доимий равишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ва корхона ҳаётидаги фаоллигини ошириш, масъулиятли вазифаларга жалб этиш каби хайрли ишлар ўз натижаларини бермоқда.

Ижтимоий соҳа: инсон манфаатлари эътибор марказида

Мамлакатимизда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уларни ижтимоий жиҳатдан ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта эътибор қаратилмоқда. Халқимиз кейинги икки йилда амалга оширилган ишлар ва ислоҳотларнинг самарасини ўз ҳаётида сезиб яшамоқда.

Комбинатда инсон манфаатларини таъминлаш, ижтимоий муҳофаза қилиш энг муҳим йўналишлардан бири саналади. Бу соҳадаги барча саъй-ҳаракатлар ишчи-ходимларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, уларни соғломлаштириш, дам олиши ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилмоқда.

Комбинатда меҳнат қилаётган ишчи-ходимларни замонавий уй-жойга бўлган талаб ва эҳтиёжлари таъминланмоқда. Кейинги йилларда бир минг уч юздан ортиқ киши янги уй-жойга эга бўлди.

Бугунги кунда комбинатда ишчи-ходимлар саломатлигини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилмоқда. Тиббий-санитария бўлими ва унинг жойлардаги бешта бўлинмаларида ишчи-ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда.

Комбинатда ишчи-ходимлар, айниқса, ёшлар ўртасида эзгу қадрият ва анъаналарни чуқур қарор топтириш, уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш мақсадида китобхонлик маданиятини оширишга эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги вақтда 550 мингдан ортиқ нусхада китоб фондига эга 11 та кутубхона корхона ишчи-хизматчилари ва аҳолига хизмат кўрсатмоқда.

Ишчи-ходимлар, уларнинг оила аъзолари дам олиши ҳамда соғлом турмуш тарзига амал қилиши учун барча қулайликларга эга, энг замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган «Металлург», «Кончи» ва «Нуробод»

санаторий-профилакториялари, «Зарафшон» пансионати, «Тўдакўл» дам олиш базаси фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 2019 йилда Жиззах вилоятининг Зомин туманида 150 ўринга мўлжалланган «НКМК» санаторийси ишга туширилиди.

Кейинги йилларда Зарафшон шаҳрида «Нептун» сув ҳавзаси капитал таъмирланди, Навоий шаҳридаги «Сўғдиёна» стадиони реконструкция қилинди, Зафаробод қўрғонида «Янги ҳаёт» спорт мажмуаси ва ёпиқ сузиш

ҳавзаси фойдаланишга топширилди. Учқудуқда барпо этилган «Орзу» истироҳат боғи бугун шаҳарликларнинг дам олиш масканига айланди. Ёшларнинг қизиқиш ва интилишлари ҳисобга олиниб, Учқудуқда «Келажак» ёшлар маркази кўркам маскани ишга туширилди. Зарафшон ва Зармитанда болалар аквапарки, Навоий ва Зарафшон шаҳарлари ҳамда Зафаробод қўрғонида барпо этилган бири-биридан гўзал мусиқали фавворалар барчага завқ ва ҳузур бағишламоқда. 2018 йилда Нуробод шаҳрида «Кўзмунчоқ» болалар боғчаси капитал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.

Корхонада эртамиз эгалари бўлган болаларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади. Ёзги таътил мавсумида ишчи-ходимларнинг фарзандлари шаҳар ташқарисидаги ва шаҳарда жойлашган 11 та болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳар йили ўн мингдан ортиқ йигит-қизлар мириқиб дам олишади, бўш вақтларида турли тўгаракларда қатнашиб, ўз билим ва салоҳиятини мустаҳкамлаши учун ҳар томонлама қулайликлар мавжуд. Комбинатнинг «Паҳлавон», «Болажон», «Сармиш», «Сўғдиёна», «Зарафшон» ва «Келажак» болалар соғломлаштириш оромгоҳлари табиатнинг сўлим ва хушманзара жойларида жойлашган.

Бугунги кунда комбинат тизимида 9 та маданият муассасаси, шунингдек, болалар ижодиёт уйи фаолият кўрсатмоқда. Уларда бир юз етмишдан ортиқ бадиий ҳаваскорлик жамоалари ва тўгараклар фаолият олиб бормоқда. «Фарҳод» маданият саройининг «Бахтли болалик», «Ширин», «Марварид», «Соната» эстрада-рақс ансамбллари, «Садо» доирачилар ансамбли, Зарафшондаги «Олтин водий» маданият саройининг «Атлас» студияси ҳамда «Афсона» рақс ансамбли, Учқудуқдаги «Учқудуқ» маданият уйининг «Елес» вокал гуруҳи, «Ритм», «Ситора» рақс ансамбллари, Зафарободдаги «Ёшлик» маданият уйининг «Зебо» рақс, «Шок» рақс гуруҳлари, Нурободдаги «Нуробод» маданият саройининг «Дебют» ва «Офарин» рақс гуруҳлари машҳурдир. Комбинат маданият муассасалари ижодий жамоалари орасида ҳар йили «Қизилқум санъат ғунчалари», «Қизилқум овози», «Қизилқум оҳанглари» танловлари ўтказиб келинади. Барча маданий тадбирлар комбинатнинг ижодий жамоалари томонидан ташкил этилади.

Комбинат маъмурияти ва касаба уюшмаси Кенгаши комбинат ишчи-ходимлари, уларнинг оила аъзолари орасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга доимий эътибор бериб келади. Комбинат ихтиёрида бешта стадион, бешта бассейн, елканли спорт базаси, 80 дан ортиқ спорт заллари ва майдончалари мавжуд. Бизда алоҳида спорт турларига ихтисослашган жисмоний тарбия-соғломлаштириш клублари ривожланган. Чунончи, Навоийда «Сўғдиёна», Зарафшонда «Алпомиш», Зафарободда «Ёшлик», Нурободда «Меҳнат», Учқудуқда «Лочин», Маржонбулоқ ва Заркент қўрғонларида «Ёшлик» спорт мажмуалари фаолият кўрсатмоқда.

Мухтасар айтганда, халқимиз манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланишлар фуқароларимизда шукроналик туйғусини юксалтириб, эртанги кунга ишончини мустаҳкамламоқда. Зеро, инсон манфаатлари устувор бўлган юртда халқ ҳаётдан рози бўлиб яшайди.

 

Biz bilan bog'lanish

  • Umumiy bo‘limi (devonxona): 0(436) 227-71-64, +998 79 227-71-64
  • Ishonch telefoni: 0(436) 227-72-22, +998 79 227-72-22

    Mualliflik huquqi © NKMK, 2015. Barcha huquqlar himoyalangan.   

Axborotdan foydalanish shartlari

Siz bu yerdasiz: Bosh sahifa Kombinat to'g'risida