Система Orphus

Shriftning o'lchamini

Qarama-qarshilik

        
Siz bu yerdasiz: Bosh sahifa Rahbariyat Rahbariyatning rasmiy bayonotlari Нафосат ва гўзаллик айёми

Нафосат ва гўзаллик айёми

Қувондиқ Санақулов,

Навоий кон-металлургия комбинати

бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони

 

Комбинатимизда меҳнат қилаётган азиз хотин-қизлар!

Сизларни баҳор фасли каби нафосат ва гўзаллик намунаси, бетакрор айём – 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин дилдан муборакбод этаман.

Умр йўлларимизда қандай оғир синов ва машаққатларга дуч келмайлик, уларни енгиб ўтишда руҳимизга кўтаринкилик, кучимизга – куч, ғайратимизга – ғайрат қўшадиган инсонлар – сиз,  қалби дарё аёлларимизсиз. Бу дунёда ширин ва аҳил, бахтли ҳаёт учун пойдевор яратиб, инсонни инсон, оилани мустаҳкам қўрғон қиладиган, биз учун вафо ва садоқат тимсоли бўлиб келаётган сиз, гўзал ва қадрдон аёлларимиз билан ҳамиша фахрланамиз.

Бугунги кунда аёлларимиз оилаларда тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат муҳитини сақлаш, фарзандларни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш билан бирга, юртимизнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳаётида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар ва янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этишмоқда. Буни улкан корхонамиз – Навоий кон-металлургия комбинатининг турли жабҳаларида эркаклар билан ёнма-ён туриб, меҳнат қилаётган 15 минг нафарга яқин хотин-қиз мисолида ҳам кўриш мумкин. Ишчи-ходимлар умумий сонининг 25 фоизини ташкил қиладиган аёлларимиз ақл-заковати, ғайрат-шижоати билан биз, эркакларни янги ютуқлар сари руҳлантирмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони хотин-қизлар ҳаёти ва фаолиятида янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси бўлди. Мазкур Фармонни муҳим тарихий ҳужжат, дейиш мумкин. Чунки ушбу ҳужжат мазмун-моҳияти ва аҳамиятига кўра, хотин-қизлар қўмиталари фаолиятини самарали ташкил этиш, умуман, хотин-қизлар билан олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш, опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, бахтли ва ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарияти комбинатимиз аёллари ва уларнинг фарзандлари учун қулайликлар яратиш, ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида доимий ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда. Комбинат тасарруфидаги шаҳарларда маданият уйлари ва замонавий спорт иншоотлари фаолият юритмоқда. Уларда турли спорт мусобақалари, маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш анънага айланиб бормоқда. Кутубхоналаримиз мунтазам равишда янги китоблар билан тўлдирилмоқда. Оилалар бахти, она ва бола саломатлиги йўлидаги эзгу ишларимиз янгича кўриниш касб этиб бораяпти. Жорий йилда ҳам ижтимоий ҳаётимизни янада яхшилаш, замонавий шарт-шароитларни яратиш борасида катта ишлар бошланган. Жумладан, Зарафшон шаҳрида Болалар шаҳарчаси ва мусиқали фавворалар сайилгоҳи, Зомин туманида 150 ўринга мўлжалланган замонавий санаторий-профилакторий бунёд этилаётган бўлса, Учқудуқдаги «Кончи» профилаторийси янгича қиёфа касб этмоқда. Амалга ошираётган эзгу ишларимиз замирида сиз, мунис аёлларимизга бўлган чексиз меҳр-муҳаббатимиз мужассам.

Жонажон Ватанимизда сидқидилдан қилинган меҳнат, албатта, муносиб баҳоланади. Мен ушбу мафтункор байрам шодиёналари арафасида ҳудудлардаги бўлинмаларимизда фаолият юритаётган барча хотин-қизларимизга чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этмоқчиман. Кон саноати соҳасида меҳнат қилаётган сиз, мунис аёлларимизга хос юқори касбий маҳорат, қатъият, меҳнатсеварлик фазилатлари ҳар қанча юксак таҳсинга сазовор.

Қадрли ҳамкасб опа-сингиллар!

Ўзингиздек гўзал мана шу қутлуғ айёмда барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Ҳамиша оилангиз ва фарзандларингиз, элу юртимиз ардоғида бўлинг.

Байрамингиз муборак бўлсин!

 

Biz bilan bog'lanish

  • Umumiy bo‘limi (devonxona): 0(436) 227-71-64, +998 79 227-71-64
  • Ishonch telefoni: 0(436) 227-72-22, +998 79 227-72-22

    Mualliflik huquqi © NKMK, 2015. Barcha huquqlar himoyalangan.   

Axborotdan foydalanish shartlari

Siz bu yerdasiz: Bosh sahifa Rahbariyat Rahbariyatning rasmiy bayonotlari Нафосат ва гўзаллик айёми