Система Orphus

Shriftning o'lchamini

Qarama-qarshilik

        
Siz bu yerdasiz: Bosh sahifa Matbuot ЮРТ ТАРАҚҚИЁТИ УЧУН ДАСТУРИЛАМАЛ ҲУЖЖАТ

ЮРТ ТАРАҚҚИЁТИ УЧУН ДАСТУРИЛАМАЛ ҲУЖЖАТ

Барчамизга маълумки, бугун давр шиддат билан ўзгармоқда. Дунёнинг йирик давлатлари ўртасида манфаатлар тўқнашуви, рақобат рўй бераяпти. Бу эса ўз навбатида жаҳоннинг турли минтақаларида нотинч ва таҳликали вазиятларни келтириб чиқариш билан бир қаторда, давлатларнинг тараққиёти ва ижтимоий барқарорлигига таҳдид солмоқда. Шу билан бир қаторда дунёнинг таниқли олим ва экспертлари коррупция ҳар қандай давлат тараққиёти ва ривожида ҳам энг хатарли ва таҳдидли воқелик эканлигини таъкидлашмоқда.

 Коррупция – бу давлат ва жамиятнинг емирувчи кушандасидир. У мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий вазияти ва мамлакат иқтисодиётга катта зарар етказади. Коррупция оқибатида ижтимоий тенгсизлик кучайиб, фуқароларнинг давлат бошқаруви ҳокимияти органларига ишончи йўқолади, жамиятда маънавият издан чиқа бошлайди. Коррупциянинг бузғунчилик табиатига эга эканлиги боис инсоният унга қадим замонлардан бошлаб унга қарши курашиб келмоқда. Буни биргина мисолда кўриш мумкин. БМТ маълумотларига кўра, ҳозир дунёда ҳар йили турли ҳолатларда 1 триллион АҚШ доллари ҳажмида пора берилади. Жаҳон иқтисодиёти ҳар йили коррупция оқибатида 2,6 триллион доллар маблағдан айрилади, бу жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 5 фоизидир. 

Коррупция нима ўзи? Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

Шуни қайд этиб ўтиш жоизки, мустақиллик даврида юртимизда коррупцияга қарши курашиш борасида ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, 2008 йилда Ўзбекистон БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясига, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг Коррупцияга қарши курашиш тармоғи – Истанбул ҳаракат дастурига қўшилди. Халқаро ва миллий ҳуқуқ меъёрларига асосланган Коррупцияга қарши курашишнинг Миллий режаси ишлаб чиқилди. Аммо,  коррупцияга қарши курашишда бу, жуда хавфли иллатнинг томирларигача етиб борилмади, оқибатда кўрилган барча чора-тадбирлар бесамар кетди. 

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин кураш 2016 йилнинг октябрь ойидан бошланди. Ўша йилнинг 14 октябрида муҳтарам Президентимиз  Шавкат Мирзиёев томонидан конституциявий қонунчилик ташаббуси билан киритилган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис томонидан қабул қилинди, қонун 2017 йил 4 январдан бошлаб кучга кирди. Энг муҳими, мазкур қонунда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тўлиқ қонуний тартибга солиш, давлат бошқаруви органлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг коррупцияга қарши кураши юзасидан кўраётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупцияга тоқат қилмаслик муҳитини яратиш кўзда тутилди.

Президентимиз томонидан бу борадаги ишларни янда кучайтириш мақсадида 2017 йилнинг 2 февралида қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилганлиги шу йўлдаги яна бир дадил қадам бўлди.  Шунингдек, 2018 йил               9 апрелда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди. Мазкур қонуннинг 12-моддаси “Коррупцияга йўл қўймаслик принципи” деб номланиб, унда “Харид қилиш тартиб-таомилларини ташкил этиш ва ўтказишга доир талаблар давлат харидлари соҳасида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслиги керак. Бунда коррупциянинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар устувор бўлади”, деган қоида белгиланганлиги ҳам мазкур иллатга қарши қатъий кураш бошланганлигидан далолатдир.

Кейинги йилларда Юртбошимизнинг ташабуслари билан давлат хизматчилари, суд, прокуратура, ички ишлар, солиқ, халқ таълими, олий таълим, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда ишловчиларнинг иш ҳақлари сезиларли оширилди. Жойларда эса шу вақтгача аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш, ҳаётимизда учраб турган маъмурий ва бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда рўйхатга олиш, рухсат этиш ва лицензияга доир тартиб-таомилларни соддалаштириш ҳамда уларнинг тезкорлигини ошириш мақсадида барча ҳудудларда давлат хизматлари марказлари ташкил этилганлиги бу борадаги ишларнинг тизимли равишда олиб борилаётганлигининг яққол исботи бўла олади. Бу соҳадаги ислоҳотларнинг юртимизнинг чекка туман ва қишлоқларига кириб бориб, одамларнинг кўз ўнгида рўй бераётган ўзгаришлар уларнинг бугунидан рози, эртанги кунига бўлган ишончларини янада мустаҳкамламоқда. Бунга биргина, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизнинг барча туманларида бошланган “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари асосида олиб борилаётган улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишларини мисол қилиб келтириш мумкин. Одамлар давлатдан рози бўлмоқда, улар бу ўзгаришларни тўла қўллаб-қувватламоқдалар. Ишонч билан айтиш керакки, Юртбошимизнинг ҳаётга кўчаёган бундай адолатли ва инсонпарварлик сиёсати замирида халқимизни рози қилишдек  эзгу мақсадлар мужассамдир.  

Бугун янгиланаётган Ўзбекистон дунёга юз тутмоқда, инвесторларга ўзининг жозабадорлигини кўрсатмоқда. Жаҳоннинг кўплаб давлатлари ва ён қўшниларимиз юртимизда бўлаётган ижобий ўзгаришлардан хурсанд бўлмоқда ва мустаҳкам сиёсий-иқтисодий, маданий алоқаларни ўрнатмоқдалар. Олдимизда катта довонларни забт этишдек режаларимиз бор. Шу мақсадда улкан марраларга эришиш учун давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имкониятлари сафарбар этилмоқда. 

Аммо бу борада ҳали олдинда қилинадиган ишларимиз кўпдир. Очиғини айтганда, ҳалигача жойларда коррупция ҳолатлари учраётганлиги барчамиз ташвишга солмоқда. Коррупцияни жамият ҳаётидан илдизи билан қўпориб ташламасдан, тараққиётга эриша олмаслигимиз кундай равшан. Бошқа йўл йўқлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу мақсадда, жорий йилнинг               27 майида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони  қабул қилингани фикримизнинг амалий тасдиғидир.

Фармонда юрт тараққиёти, сиёсий-иқтисодий ривожланишига путур етказиши мумкин бўлган коррупцияга қарши курашиш, тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини янада ошириш, жамиятни ташвишга солаётган ва ижтимоий ҳаётимизда рўй бераётган коррупцион ҳолатларнинг олдини олишдек муҳим ва долзарб вазифалар ўз аксини топгани барчамиздан биргаликда унга қарши аёвсиз курашишни талаб этади.

Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш ва кучайтириш ҳақида сўз юритар эканмиз, давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш, матбуот эркинлигини таъминлаш, соҳаларда коррупцияга имкон яратаётган сабаб ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш ҳар бир раҳбарнинг биринчи даражадаги вазифаси бўлиши керак. Фармонга кўра, жамият равнақига тўғаноқ бўлаётган бу иллатни олдини олиш мақсадидда жорий йилнинг 1 августидан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлаб капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилади. 

Шу билан бир қаторда , жамиятда коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш учун, энг аввало, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада оширишимиз кераклигини замоннинг ўзи кўрсатмоқда. Биз бу борада кутилган натижа ва самарага эришишимиз учун оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланишимиз, фуқаролик жамияти институтлари, жамоатчилик билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишимиз зарур.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилмоқда. Юртбошимиз томонидан коррупцияга қарши курашни янада кучайтириш бўйича қабул қилинган мазкур ҳужжат юртимиз тараққиётига муҳим ҳисса қўшади. Шундай экан, ҳар биримиз мазкур Фармонни ўзимизга дастуриамал қилиб олишимиз ва унинг мазмун-моҳиятини халқимизга етказишда фаол бўлишимиз керак. 

 

Қувондиқ САНАҚУЛОВ,

Навоий кон-металлургия комбинати бош директори,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

 

Ta'sis etuvchi - NKMK mehnat jamoasi

Gazeta materiallarini to’la yoki qisman qaytadan bosish tahririyatning yozma ruxsati bilan amalga oshiriladi. Tahririyatga kelgan qo’l yozmalar taqriz qilinmaydi va muallifga qaytarilmaydi. Gazeta NKMK bo’linmalari orasida tarqatiladi. 

Gazeta Navoiy viloyat matbuot va axborot boshqarmasida 2006 yil 21 dekabrda 07-025 raqam bilan ro’yxatga olingan.
MUHARRIR

Sadriddinov Nizomiddin Xayriddinovich 

- matbuot markazi boshlig’i.
TAHRIRIYAT MANZILI : 210100, Navoiy shahri, Navoiy ko’chasi 27, NKMK boshqarmasi. 
TELEFONLAR: : 77-464 (muharrir), 77-363 (texn. muharrir), 77-366, 77-464 (matbuot markazi), 77-566 (faks).

Biz bilan bog'lanish

  • Umumiy bo‘limi (devonxona): 0(436) 227-71-64, +998 79 227-71-64
  • Ishonch telefoni: 0(436) 227-72-22, +998 79 227-72-22

    Mualliflik huquqi © NKMK, 2015. Barcha huquqlar himoyalangan.   

Axborotdan foydalanish shartlari

Siz bu yerdasiz: Bosh sahifa Matbuot ЮРТ ТАРАҚҚИЁТИ УЧУН ДАСТУРИЛАМАЛ ҲУЖЖАТ