Система Orphus

Shriftning o'lchamini

Qarama-qarshilik

        
Siz bu yerdasiz: Bosh sahifa Выпуск №4 от 23.02.2017 Истиқболни кўзлаб

Истиқболни кўзлаб

Навоий кон-металлургия комбинатида олтин ишлаб чиқаришнинг истиқболлари ҳақида сўз кетадиган бўлса Самарқанд вилояти Қўшработ тумани Зармитан саноат майдони алоҳида тилга олинади.
Сўнгги йилларда ҳудуд ер ости бойликларини ўзлаштириш борасида кенг кўламли ишлар бажарилди. Бунда мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш ва мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга ишлаб чиқариш объектлари билан бир қаторда маданий-маиший биноларни қуриш, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Ҳудуд олтин захираларини ўзлаштириш жараёнида илгаридан фаолият юритаётган «Зармитан» конида ер усти комплекси объектлари ҳамда ер ости кони кенгайтирилди. Бунда хорижий давлатларнинг кончилик асбоб-ускуналари ишлаб чиқариш бўйича жаҳонга машҳур фирмаларининг техникалари қўлланилгани ва энг замонавий технологиялар ёрдамида руда қазиб олинаётганлиги фахр билан тилга олишга муносибдир. 2010 йил Мустақиллик байрами арафасида 4- гидрометаллургия заводининг ишга туширилиши, шубҳасиз ҳудуд ҳаётида катта воқеа бўлди. Заводнинг ғоят қисқа фурсатда қуриб битказилишида комбинат барча бўлинмаларининг етакчи мутахассислари, Зарафшон қурилиш бошқармаси бунёдкорлари ғайрат-шижоат, ташаббускорлик намуналарини кўрсатдилар. 4- гидрометаллургия заводида рудани қайта ишлаш Навоий кон-металлургия комбинати тизимида илгари қўлланилмаган технология асосида амалга оширила бошланганлиги улкан корхонада минерал хом ашёдан олтин ажратиб олиш миқдорини оширишдан ташқари Зармитан саноат  ҳудудини ижтимоий жиҳатдан ривожлантиришда янги имкониятлар очиб берди. Дарвоқе, Заркент қўрғонида замонавий маданият уйи, Ёшлар спорт мажмуаси, аквапарк, қатор турар жой ва маданий-маиший бинолар фойдаланишга топширилганлиги фикримизнинг исботи бўла олади.
Қувончли жиҳати шундаки, Жанубий кон бошқармасининг Заркент қўрғонида жойлашган меҳнат жамоалари ҳукуматимиз, Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарияти кўрсатаётган ёрдам, эътибор ва ғамхўрликларга амалий ишлари билан жавоб бермоқдалар. Бу жиҳатдан ҳудуднинг йирик, етакчи корхонаси ҳисобланган «Зармитан» кони ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимлари амалга ошираётган ишлар диққатга сазовордир. Очиқ ва ер ости усулида руда қазиб олинадиган конда шахта, ер ости кон ишларини механизациялаш цехи, назорат-ўлчов асбоб­лари ва автоматика, маъмурий-хўжалик, бошқарув бўлимлари фаолият кўрсатаяпти. Тиббиёт пункти, юз ўринли ошхона, ювиниш- кийиниш хоналари кончилар хизматида. Асосий участкаларда ишлаб чиқаришда етарли малака тўплаган муҳандис кадрлар меҳнат қилишаяпти. Уларнинг аксарияти ёш ишчи-ходимларнинг мураббийлари ҳисобланишади. Шунингдек, техника воситалари ва асбоб-ускуналарни авайлаб-асраш, хавфсизлик қоидаларига риоя этиш ҳам ўрта бўғин кадрларнинг эътиборидан четда қолмаяпти. Буларнинг барчаси пироварида яхши натижаларини бераяпти.
2013 йилдан эътиборан «Ўрталиқ» конидан очиқ усулда руда қазиб олинмоқда. Ишчи-хизматчилар ўртасида соғлом ишчанлик муҳитининг яратилиши, бошқача айтганда, меҳнат аҳлининг кайфияти ишлаб чиқаришда юксак марраларни эгаллашда алоҳида аҳамият касб этади. Тажрибали мутахассис, кон бошлиғи Бегмат Атабаев ва бош муҳандис Толлибой Юлдашев етакчилик қилаётган аҳил жамоа ҳар бир аъзосининг руҳи баланд ва бугунги куннинг талабларини чуқур тушуниб етаяпти. Шу боисдан 1475 нафар турли касб эгалари бор куч ва имкониятларини ишлаб чиқариш режаларини бажариш, меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, ҳар бир участкада иқтисодий тежамкорликка эришиш йўлида сафарбар этишмоқда. Иқтисодий кўрсаткичлар ҳам шунга яраша қувончли бўлаяпти. Ўтган йил якунлари кончилар заҳматли меҳнатининг ижобий самараларидан дарак бериб турибди. Ер ости кон-капитал, кон-тайёрлаш, кон-ўтиш, руда қазиб чиқариш, руда таркибидаги метал бўйича режалар 101-122 фоизга, очиқ усулдаги кон ишларида асосий кўрсаткичлар 102-104 фоизга адо этилди. Кон жинсларини қазиб олиш ҳажми 2015 йилдагига нисбатан анча ошди, электр энергиясини тежаш, маҳсулот таннархини арзонлаштиришга эришилди. Конда жорий йилнинг январь ойида айниқса, ер ости кон ишларида яхши натижалар қайд этилди. Жумладан, кон-ўтиш ишлари режаси – 114; кон-капитал ишлари – 128; кон-тайёрлаш ишлари – 105; ер остидан руда қазиб олиш – 104 фоизга бажарилган бўлса, очиқ усулда руда қазиб  чиқариш режаси – 107 фоизга уддаланди. Бундай яхши иқтисодий кўрсаткичлар кон-меҳнат аҳли янги йилни зўр кўтаринкилик билан бошлаганлигидан нишонадир. Халқимизда «Йил келишидан маълум» деган нақл бор. Демак, муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг таклифи билан мамлакатимизда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинган 2017 йил муваффақиятларга бой бўлиши учун мустаҳкам пойдевор яратилаяпти.
Корхона мунтазам янги техника воситалари билан таъминланаётганлиги қўлга киритилаётган ютуқларнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилмоқда. «Зармитан» кони учун 2015 йилдан буён ўтган икки йилдан сал кўпроқ даврда иккита бурғилаш машинаси, экскаватор, иккита ер ости автоағдаргичи, иккита юклаш-ташиш машинаси, автобус олинди. Айни пайтда бундай замонавий кончилик техникаларидан самарали фойдаланиш эвазига ишлаб чиқаришнинг юқори суръати таъминланаяпти. Кон аҳил жамоасининг муваффақиятларига лаҳмчилар Абдуғани Усмонов, Абдусаттор Дадабоев, Олим Қаршиев, Абдумурод Мусаев, Музаффар Бекқулов, Шакарбой Чиниев, Холдор Мирзақулов, Анвар Юлдашев,  бурғилаш қурилмаси машинистлари Даврон Назаров, Илҳом Унаров, юклаш-ташиш машинаси машинистлари Дилмурод Норқулов, Ғани Сидиқов, Элмурод Исломов, ер ости автоағдаргичи машинистлари Ҳусниддин Нурниёзов, Шерали Мавлоновлар арзигулик ҳисса қўшаяптилар.
Биз Навоий кон-металлургия комбинати бўлин­маларида кадрларни тайёрлаш, тарбиялаш, малакасини ошириш борасида ҳар қандай корхона жамоаси амалда қўллаш учун намуна бўла оладиган тизим шаклланганлиги хусусида такрор ва такрор гапирамиз. Амалда ҳам худди шундай. Чунки корхона келажаги кўп жиҳатдан ёшларга, уларнинг касбий маҳорати, меҳнат жамоаларининг бой анъаналарини иложи борича тезроқ ўзлаштиришларига боғлиқ. Давр талабини яхши англаган «Зармитан» кони раҳбарияти олий ва ўрта махсус билим даргоҳларини тугаллаётган ёш кадрлар учун иш ўринлари яратиш масаласига жиддий аҳамият бераяпти. Фактларга мурожаат қиламиз.Ўтган йили Қўшработ саноат ва сервис касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан 32 нафар, Навоий давлат кончилик институти битирувчиларидан 6 нафар йигит-қиз кон жамоаси сафига келиб қўшилди.
Маълумки, баҳор фасли, шунингдек турли тарихий саналар муносабати билан ўтказилаётган умумхалқ ҳашарлари туфайли Заркент­ қўрғони йилдан-йилга чирой очиб, обод масканга айланмоқда, кўркам шаҳарча қиёфасига кириб бормоқда. «Зармитан» кони ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимлари ана шундай хайрли ишларда фаол иштирок этмоқдалар. Аҳил жамоа кучи билан 2016 йилда қўрғон ҳудудидан ажратилган 1,5 гектар майдонда 350 туп мевали дарахт кўчатлари ўтқазилиб, янги боғ яратилди. Кўчатлар оралиғига ошқовоқ экилиб, 7 тоннадан ортиқроқ маҳсулот йиғиштириб олинди. Бугунги кунда жамоа ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ободонлаштириш ишларини янада жонлантириш мақсади билан астойдил меҳнат қилаяпти. Эзгу ниятларнинг рўёбга чиқишига эса асло шубҳа йўқ.

Низомиддин САДРИДДИНОВ.

Jo‘rayev Abdumajid Irisovich

Matbuot markazi boshlig‘i – NKMK bosh direktorining matbuot kotibi – axborot siyosati masalalari bo‘yicha maslahatchisi.

+ (998 79) 2277-473

Sadriddinov Nizomiddin Xayriddinovich

“Konchilar hayoti” gazetasi muharriri.

+ (998 79) 2277-464

Biz bilan bog'lanish

  • Umumiy bo‘limi (devonxona): 0(436) 227-71-64, +998 79 227-71-64
  • Ishonch telefoni: 0(436) 227-72-22, +998 79 227-72-22

    Mualliflik huquqi © NKMK, 2015. Barcha huquqlar himoyalangan.   

Axborotdan foydalanish shartlari

Siz bu yerdasiz: Bosh sahifa Выпуск №4 от 23.02.2017 Истиқболни кўзлаб