МИЛЛИЙ ЮКСАЛИШГА ЮЗЛАНАЁТГАН ЮРТ

Азиз дўстлар!

Қадрли ҳамкасблар!

 

Юртимиз ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган тарихий сана - Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг шонли йигирма саккиз йиллиги байрамини кўпминг кишилик меҳнат жамоамизда кўтаринки кайфият ва меҳнат зафарлари билан кутиб олмоқдамиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилингани бутун халқимизни беҳад руҳлантириб юборди.

Айниқса, миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бораётган жаннатмакон юртимизда бу айёмнинг “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” эзгу ғояси остида муносиб кутиб олинаётгани ва  кенг  нишонлаётгани қалбимизга чексиз фахру ифтихор бағишлайди. Зеро, юртимиз ва халқимиз учун бу айёмнинг қадр-қиммати нақадар юксак эканлигини барчамиз яхши биламиз.

Айни пайтда муҳтарам Президентимиз қарори билан тасдиқланган комбинатни 2026 йилгача ривожлантириш дастурига кўра қиймати 3 миллиард доллардан ортиқ бўлган 27 та лойиҳаларни амалга ошириш жадал суръатларда давом этмоқда. Бу истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилиши келгусида 30 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш ва ишлаб чиқариш қувватини 30 фоизга ошириш имконини беради.

Бир неча кун илгари Учқудуқ шаҳрида Германиянинг “Инжиниринг Доберсек” компанияси билан ҳамкорликда 3-гидрометаллургия заводида дунёда ноёб бўлган ва қиймати 114 миллион АҚШ долларлик Сорбциялаш жараёни чиқиндиларини юқори самарали куйдириш мажмуаси  ишга туширилгани ана шундай яратувчанлигимиз намунасидир.

Бундан ташқари, жорий йилда комбинатимизда қатор ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилди. Зомин туманида “НКМК” санаторийси, Учқудуқ туманида сунъий кўл, “Йўлчилар” қўрғонида мактабгача таълим муассасаси, Зарафшон шаҳрида меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари учун Болалар шаҳарчаси, фавворалар хиёбони, Заркентда 44 та хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уй-жой, Самарқанд вилояти Қўшработ туманида замонавий чорвачилик комплекси ва  220 гектарлик боғ, Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманида 20 минг бош бройлер жўжа боқишга ихтисослашган паррандачилик фермаси шулар жумласидандир

Тўйни тўёна билан қаршилаш халқимизнинг азалий одати. Ҳар бир меҳнат жамоаси сингари Навоий кон-металлургия комбинати ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимлари Мустақиллик байрамининг қутлуғ йигирма саккиз йиллиги шодиёналарини ёруғ юз билан қарши олмоқдалар. Жумладан, аҳил жамоамизнинг фидокорона меҳнати билан жорий йилнинг ўтган етти ойида олтин, кумуш, уран ишлаб чиқариш,  маҳсулот таннархини камайтириш юзасидан режалар ошириб бажарилиб, 690 миллиард сўмга яқин соф фойда олишга ва 1302 та янги иш ўрни яратишга эришилди.

Қиймати 55,5 миллиард сўм бўлган “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” дастури доирасида ҳам ижтимоий, иқтисодий йўналишларда улкан ишларни амалга оширишга эришмоқдамиз.

Яна шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бозор шароитидан келиб чиқиб, ишчи-хизматчиларимизнинг иш ҳақлари босқичма-босқич ошириб келинмоқда. Хусусан, энг улуғ, энг азиз байрам арафасида шу йил 1 сентябрдан эътиборан комбинат ишчи-хизматчиларининг ойлик иш ҳақини яна 10 фоизга оширишга қарор қилдик. Келгусида ҳам бундай ғамхўрликни давом эттириш доимий диққат марказимизда бўлади.

Бугун жаннатмакон Ўзбекистон бағрида бахтиёр яшаб, озод ва обод, тинч ва осойишта заминда юртимиз истиқболи, тараққиёти ва фарзандларимиз камолини кўраяпмиз. Ана шундай эзгу йўлда қўлни-қўлга бериб меҳнат қилаяпмиз. Шундай экан, Истиқлол берган беқиёс неъматларнинг қадрига етишимиз, кўз қорачиғидек асрашимиз, кўпайтиришимиз лозим. Бу эзгу йўлдаги улуғвор ишларда сизларни фаол иштирок этишга чорлаб қоламан!

Қадрли ҳамкасблар!

Барчаларингизни энг азиз, энг улуғ байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг қутлуғ 28 йиллиги билан қизғин муборакбод этаман. Сизларга мустаҳкам соғлиқ, хонадонларингизга файзу-барака тилайман. Она-юртимиз янада гуллаб-яшнайверсин!

Қувондиқ САНАҚУЛОВ,

Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, 

Ўзбекистон Қаҳрамони.