Система Orphus

Размер шрифта

Контрастность

        
Вы здесь: Главная Пресса К.С.САНАҚУЛОВ: «КОМБИНАТДА ИШЛАШ – ЮКСАК ШАРАФ»

К.С.САНАҚУЛОВ: «КОМБИНАТДА ИШЛАШ – ЮКСАК ШАРАФ»

 Навоий кон-металлургия комбинатининг Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш, корхона бўлинмалари фаолият кўрсатаётган ҳудуд аҳолиси турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий муаммоларини ҳал қилишдаги ўрни ва мавқеи беқиёс. Кончилик ва металлургия соҳасида дунёда машҳур бу корхона ташкил топганлигининг 60 йиллиги нишонланмоқда. Мана ўн йилдан ошаяптики, улкан корхонага тажрибали ташкилотчи ва мутахассис, олим ва амалиётчи Қ.Санақулов раҳбарлик қилмоқда. Шу даврда комбинатда ишлаб чиқаришни кенгайтириш, режаларни сўзсиз бажариш, иқтисодий тежамкорликка эришиш, барча жабҳаларда ижтимоий адолатни қарор топтиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда, оддий меҳнаткашларнинг турмуш даражасини яхшилашни кўзлаб, маошларни дифференциал ошириш тизими жорий этилди, энг муҳими, маҳаллий кадрларни тарбиялашга эътибор кучайтирилди. Давлат, комбинат ва корхона меҳнат аҳлининг манфаатлари ифодаланган бундай ташкилий ва амалий ишлар ўзининг самараларини бермоқда. Биз НКМКнинг шонли юбилейи арафасида комбинат бош директори, Ўзбекистон Қаҳрамони Қ.Санақулов билан суҳбатлашдик. Қуйида ана шу суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

– Қувондиқ Санақулович, аввало Навоий кон-металлургия комбинати, бу ердаги меҳнат фаолиятингиз даврида туғилган хулосалар, фикр-мулоҳазалар ҳамда кўпмингкишилик жамоа корхона ташкил топганлигининг 60 йиллигини қандай кутиб олаётгани ҳақида қисқача сўзлаб берсангиз.

Ишонч билан айта оламанки, Навоий комбинатида ишлаётган йилларим ҳаётимда ёрқин из қолдираяпти. Бу давр фаолиятимда жўшқин, изланишларга бой янги бир босқич бўлиб, ажойиб жамоа билан кўнглимдаги эзгу ниятларни, яратувчанлик режаларини рўёбга чиқардик ва чиқараяпмиз. Комбинатда фидойи мутахассислар, жонкуяр ҳамкасблар билан биргаликда улуғ халқимизга янада кўпроқ хизмат қилиш имконияти туғилди. Инсон умр бўйи ҳаёт мактабида сабоқ оларкан, ўқиб-ўрганаркан, деган хулосага келдим. Гарчанд бу йилларда ишлаб чиқариш ва ижтимоий соҳадаги ниҳоятда тиғиз, масъулиятли вазифаларни бажариш, одамларнинг кундалик турмуши билан боғлиқ дарду ташвишларини, муаммоларини ҳал қилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси сифатида қатор масалалар билан шуғулланиш осон кечмаган бўлсада, мен ўз ишининг билимдонлари ва фидойи ишчи-ходимлардан таркиб топган аҳил жамоага бош бўлганим ва улар билан бирга ишлаётганимдан тақдиримдан беҳад хурсандман. Аслида корхонада ишлаётган ҳар бир инсон, у қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, шуҳратли корхона жамоаси вакили эканлигидан фахрланади ва бунга у тўла ҳақлидир.

Сафдошларим билан комбинат равнақи йўлида олиб борган изланиш ва қилган ишларимиз самараси корхонада салоҳиятли муҳандис кадрлар шакл­ланганлиги, ижтимоий ҳаётнинг барча жабҳаларида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотлар, бунинг натижасида одамларнинг турмуши фаровонлашаётгани ҳамда онгу шуурида, ҳаёт тарзида, ишга муносабатида рўй бераётган ўзгаришларда намоён бўлмоқда. Ўз ишидан, амалий фаолиятидан қониқиш ҳиссини уйғотадиган бу омилларни бежизга келтираётганим йўқ. Бугун оддий меҳнат кишиси ҳаётидан рози бўлиб яшашини таъминлаш барча  даражадаги раҳбарлар иш натижаларини баҳолашнинг мезонидир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, одамлар эртага ёки келажакда эмас, бугун яхши яшашни истайди.

Очиғини айтадиган бўлсак, ҳар куни комбинатнинг ўнлаб раҳбару мутахассислари, ишчи-хизматчилари билан бўлаётган суҳбатлардан хулоса шуки, уларнинг руҳи баланд, кайфияти тетик. Юз-кўзларида комбинат жамоаси сафида эканлигидан шукроналик туйғуси акс этади. Назаримда бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Зеро, Навоий кон-металлургия комбинатида ишлаш ҳар бир инсон учун юксак шараф ва ифтихордир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Навоий шаҳри ва “Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси ташкил топганлигининг 60 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида” қарор қабул қилгани ҳам корхонамизнинг республика саноатида катта нуфузга эга эканлигини кўрсатиб турибди. Комбинат меҳнат аҳли шонли юбилейни барча иқтисодий кўрсаткичларни уддалаган ҳолда зўр кўтаринкилик ва шоду хуррамлик билан кутиб олаяпти. Комбинатнинг қутлуғ санаси нишонланаётган йилда Жанубий кон бошқармасига қарашли “Ғужумсой” конида чуқурлиги 500 метр бўлган шахта, 5-кон бошқармасининг 4-геотехнологик конида ноёб ва ер элементлари – рений ишлаб чиқариш бўлими фойдаланишга топширилди. Шунингдек, Нуробод шаҳридаги 2-сонли “Кўзмунчоқ” мактабгача таълим муассасаси, Учқудуқ шаҳридаги “Кончи” профилакторийси тўла қайта реконструкция қилиниб, янгидан жиҳозлантирилди. Зоминда бунёд этилаётган санаторийда қурилиш ишлари якунланиш арафасида.

– Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан қабул қилинган комбинатни ривожлантиришнинг 2017-2026 йилларгача бўлган даврга мўлжаллаган дастури ижросини таъминлаш доирасида қандай ишлар амалга оширилаяпти?

Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ташаббуси билан қабул қилинган бу муҳим дастур корхонамиз учун истиқбол уфқларини очиб бермоқда. Дастурга мувофиқ яқин ўн йилликда умумий қиймати уч миллиард долларлик йигирма еттита инвестицион лойиҳа амалга оширилади. Натижада комбинатда қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажми ўттиз фоизга  кўпайиб, ўттиз бир мингта янги иш ўринлари яратилади. Айни пайтда бу ҳаётбахш дастур доирасида кенг кўламли ишлар бажарилаяпти. Дастурда белгиланганидек, “Ауминзо-Амантой” конини қуриш ва унинг базасида 5-гидрометаллургия заводини барпо қилиш, Олтинни уюмда ишқорлаш цехи конида техноген чиқиндиларни қайта ишлаш мажмуасини барпо этиш, “Мурунтов” кони 5- навбатини ишга тушириш, Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводида қайта ишланиши қийин бўлган рудалардан олтин ажратиб олиш технологиясини  такомиллаштириш каби инвестицион лойиҳалар жадал суръатлар билан амалга оширилмоқда.

– Қувондиқ Санақулович, ҳар бир раҳбарнинг ўз командаси – мақсад ва вазифалари муштарак маслакдошлари бўлади. Комбинатда Сиз ишонадиган шундай команда бор ва уни шакл­лантириш осон кечмаган бўлса керак, деб ўйлайман...

– Кадрлар, айниқса малакали мутахассисларни тарбиялаш, ўз атрофига корхона манфаатини шахсий манфаатдан устун қўядиган кадрларни тўплаб, жамоани ягона мақсад сари йўналтириб ишлаш ҳар қандай даражадаги раҳбар учун ниҳоятда муҳимдир. Раҳбар кадрларга муносабат масаласида ҳамиша адолат мезонига таяниб, уларни лавозимга тайинлашда билим ва профессионал даражаси, ташкилотчилик қобилиятидан келиб чиқиб қарор қабул қилиши, жамоани эса бошлаёган  ишининг кўлами кенглиги ва натижадорлигига, пировардида корхонада ишлаб чиқариш кўрсаткичлари, одамларнинг меҳнат ва дам олиш шароитлари яхшиланиши, реал даромадлари ошишига  хизмат қилишига, бир сўз билан айтганда, анча узоқни кўзлаб иш тутаётганлигига ишонтира олиши зарур. Бу принциплар ҳар бир раҳбарнинг амалий фаолиятида жуда қўл келиши шубҳасиздир.

Комбинатда иш бошлаган илк даврларда кадрлар билан боғлиқ бироз мураккаб вазият вужудга келди. Гап шундаки, комбинатнинг олтин ва уран ишлаб чиқариши билан боғлиқ бўғинларида, технологик жараёнлар бошқариладиган участкаларида етакчи лавозимларда ишлаган инсонларнинг аксарияти билимдон ва малакали мутахассислар бўлиб, комбинатда ўнлаб йиллар, баъзилари унинг ташкил этилганидан фаолият кўрсатишарди. Уларнинг меҳнатини, комбинат ривожига қўшган ҳиссасини қадрлаймиз. Афсуски, тажрибали маҳаллий кадрлар жуда оз эди. Айнан шу даврда, бахтга қарши, аксарият мутахассисларнинг пенсияга чиқиши, бошқа шаҳарларга кўчиб кетиши сабабли асосий ишлаб чиқариш участкаларида маълум даражада кадрлар қўнимсизлиги пайдо бўлди, билимли ва тажрибали кадрларга эҳтиёж туғилди. Олтин ва уран саноати таназзулга учрайди, қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш кескин камаяди, деган миш-мишлар тарқалганди. Мен воқеалар бундай ривожланишининг олдини олишим, бошқарувнинг муҳим бўғинлари учун маҳаллий кадрларни тайёрлашдек жуда кўп саъй-ҳаракатларни талаб қиладиган иш билан жиддий шуғулланишим керак эди. Изчиллик билан кўрилган чоралар ва астойдил ишлаш натижасида комбинат жамоаси нафақат олтин ишлаб чиқариш бўйича давлат буюртмалари ва уран бўйича халқаро шартномаларни бажарди, балки таркибида қимматбаҳо металлар бўлган рудаларни қазиб олиш ва қайта ишлашга мўлжалланган янги замонавий ишлаб чиқариш қувватлари ҳамда инновацион технологияларни жорий этишга эришилди. Ҳозирги кунда комбинатда меҳнат қилаётганларнинг 93,4 фоизи, раҳбарларнинг 84,5 фоизи ­ маҳаллий кадрлардир. Ишлаб чиқаришни тўғри ташкил этиш, моҳирлик билан бошқариш, одамларнинг қалбига йўл топиб, уларни улуғвор вазифаларни бажаришга руҳлантира олиш илми бирор ўқув юртида ўқитилмайди ва ўргатилмайди. Раҳбарлик қобилияти институтда олган назарий билимни амалиётда қўллаш жараёнида ҳаётий тажрибани ошира бориш билан шаклланади ҳамда такомиллашиб боради. Қолаверса, бу фазилатлар инсонга табиатан берилган бўлиши керак.

Бугун менинг умумий масалалар бўйича ўринбосарим Н.Раҳманов, Кадрлар бошқармаси бошлиғи Ф.Ҳошимов, 5-кон бошқармаси бошлиғи В.Назаров, 4-гидрометаллургия заводи директори А.Закиров, Жанубий кон бошқармаси “Ғужумсой” кони бош муҳандиси М.Нуралиев, Марказий кон бошқармаси бош муҳандиси А.Равшанов, комбинат ва кон бошқармалари қатор бўлимларининг бошлиқлари олий ўқув юртларини тугатиб, корхонамизда иш бошлаган, кўз ўнгимизда ўсиб-улғаяётган, ўттиз ёшнинг нари-берисида бўлган маҳаллий кадрлардир. Ёш кадрлар ишончни оқлаш учун ишга сидқидилдан ёндашаяптилар. Улар ишлаб чиқариш жараёнида тезкорлик билан ҳал қилиш талаб этиладиган вазиятларда тўғри, зарур қарорлар қабул қилиш, одамларнинг ишни яхшилашга доир фикр-мулоҳазалари, турмушига дахлдор муаммоларини тинглай билиш, имкон қадар ёрдам беришга интилиш каби фазилатларни эгалламоқдалар. Бу ҳол комбинат келажаги ишончли қўлларда дейишга тўла асос беради. Комбинатнинг эртанги куни бўлган ўрта бўғин кадрларнинг фаолияти нафақат мен, балки комбинат ва кон бошқармалари масъул ходимларининг ҳам доимий эътибори ва назоратида бўлаяпти. Ёш кадрларни тарбиялаш, уларга талабчанлик ва ғамхўрлик кўрсатиш биз тенги авлоднинг бурчидир. Бугун етук мутахассислар, масъулиятни чуқур ҳис қиладиган инсонлардан иборат команда билан ишлаяпман. Уларнинг ҳар бири ҳақида бир-бир тўхталишнинг имкони йўқ. Муҳими, иш натижалари қувончли ва улар ҳамманинг кўз ўнгида рўй бераяпти.

– Навоий давлат кончилик институти фаолияти, илм-фан ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш, фан ютуқларини корхоналарда қўлланиш, илм-фаннинг юрт тараққиётидаги ўрни хусусидаги фикрларингизни билишни истардик.

– Бугун илм-фанни тараққий эттирмасдан туриб, бирор соҳада муваф­фақият қозониб бўлмайди. Шу боисдан муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда таълим тизимини, жумладан олий таълимни тубдан ис­лоҳ қилиш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, инновацион ишланмалар ва ғояларни барча соҳаларга кенг тадбиқ этишга етарли аҳамият берилаяпти. Навоий давлат кончилик институти комбинатга кончилик, металлургия, энергетика ва бошқа йўналишлар бўйича кадрлар етиштириб берадиган асосий ўқув юртидир. Талабалар институтда олган назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлашлари учун комбинатнинг тегишли бўлинмаларида мутахассислик кафедралар филиаллари очилган. 2016 йилда комбинатнинг катта миқдордаги маблағлари ҳисобига институтнинг икки минг нафар талабага мўлжалланган замонавий аудитория ва лабораторияларга эга янги ўқув биноси қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Президентимиз томонидан институт лабораторияларини энг замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун олти миллион АҚШ доллари ажратилди. Ҳозир институтнинг ҳар қандай киши таҳсил олиш ёки ишлашни орзу қиладиган муҳташам биноси Навоий шаҳрининг кўрки десам муболаға бўлмайди.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг қарори билан 2017-2018 ўқув йилидан эътиборан институтнинг махсус сиртқи бўлими очилди. Эндиликда комбинатда ишлаб тажриба тўплаган, аммо олий маълумотга эга бўлмаган ишчи-ходимлар олти йўналиш бўйича сиртқи бўлимда таҳсил олишмоқда. Институт ривожланган хорижий давлатларнинг йигирмадан ортиқ олий ўқув юртлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатган. Бу ерда долзарб мавзуларда республика ва халқаро илмий анжуманлар ўтказилмоқда. Институтда таълим сифатини ошириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш мақсадида мазкур олий ўқув юрти йўналишлари ва мутахассисликларини  ҳисобга олган ҳолда комбинатда технопарк ташкил этилди ва замонавий дастгоҳлар ҳамда асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Иқтисодиёт тармоқларини инновацион  ривожлантириш бугунги куннинг қатъий талабидир. Давлат Раҳбарининг ташаббуси билан комбинат базасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Навоий филиали ташкил этилди. Мазкур илмий марказ ҳудудимизда фан ва ишлаб чиқариш интеграциясига катта ҳисса қўшади.

– Қувондиқ Санақулович, ижтимоий соҳада сўнгги йилларда амалга оширилган ишларга тўхталиб ўтсангиз.

– Меҳнаткашлар ҳақида ғамхўрлик – комбинат маъмуриятининг бош вазифаларидан ҳисобланади. Ҳозирги замон кишилари, айниқса кончилик соҳаси ишчи-хизматчилари замонавий уй-жойлар, маъмурий бинолар, маданият саройлари, тиббиёт муассасалари, спорт иншоотлари мавжуд муҳитда тарбия топаяптилар. Биз эса ўз фаолиятимизда ана шу йўналишдаги ишлар кўламини янада кенгайтириш, хизмат кўрсатиш савиясини оширишга интилаяпмиз. Деярли ҳар йили ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш баробарида янги ижтимоий объектларни: уй-жойлар, спорт иншоотлари, болалар дам олиш масканлари, маданият муассасаларини қуриб битказиб, фойдаланишга топшираяпмиз. Ҳозир комбинат тасарруфида 5 та тиббий-санитария қисми, “Металлург”, “Кончи” ва “Нуробод” санаторий-профилакториялари, “Зарафшон” пансионати, “Тўдакўл” дам олиш базаси, спорт мажмуалари фаолият кўрсатмоқда. 2016 йилда “Металлург” санаторий-профилакторийсининг ётоқхонаси тўла таъмирланди, замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган янги даволаш биноси бунёд этилди. Эндиликда бу ерда ҳар йили 4 минг 600 нафар киши даволаниб, саломатлигини мустаҳкамлайди. Мустақиллик байрамининг 25 йиллиги арафасида Нуробод шаҳри яқинида “Нуробод” санаторий-профилакторийси фойдаланишга топширилди. Республикамизда энг намунали ҳисобланган “Паҳлавон”, “Болажон”, “Сармиш”, “Сўғдиёна”, “Зарафшон”, “Келажак” каби болалар ёзги дам олиш масканлари муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. Ёзги таътил мавсумида 10 минг нафардан ортиқ бола комбинатнинг болалар соғломлаштириш оромгоҳларида мириқиб дам олади. Маданият муассасаларида ташкил этилган 170 та бадиий ҳаваскорлик жамоалари ва тўгаракларига 5 минг нафар болалар ва катталар иштирок этмоқдалар. Малакали мутахассислар ўз билим ва маҳоратларини уларнинг иқтидорларини ошириш йўлида сарфлаяптилар. Ижтимоий соҳадаги ишларимизни ҳар томонлама яхшилашда комбинат ходимлари касаба уюшмалари Кенгаши раиси И.Раҳматов бошчилигидаги касаба уюшмалари қўмиталари ва фаолларининг муносиб хизматлари бор.

– Навоий кон-металлургия комбинатининг қутлуғ 60 йиллиги муносабати билан корхонанинг кўпминг кишилик жамоаси, ишчи-хизматчилари, муҳандис-техник ходимларига, барча меҳнаткашларига тилак­ларингиз.

– Азиз ҳамкасблар, дўстлар! Яна бир бор такрор айтаман, Навоий кон-металлургия комбинатидек шуҳратли корхонада ишлаш ҳар биримиз учун юксак шараф. Сиз билан биз ана шундай бахтга мушарраф бўлиб турибмиз. Олтмиш йил тарих учун қисқа давр. Аммо ана шу муддатда асрий Қизилқум чўли ерости бойликларини ўзлаштириш, саҳро бағрида замонавий саноат мажмуалари, обод, кўркам шаҳарлар барпо этиш йўлида асрларга татигулик улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Дарвоқе, Навоий, Зарафшон, Учқудуқ шаҳарлари, Заркент, Зафаробод қўрғонларини, ҳеч шубҳасиз, замонавий шаҳарсозликнинг ёрқин намуналари дея оламиз. Марказий Қизилқум қазилма бойликларини ўзлаштиришга азму қарор қилган одамлар зиммаларидаги вазифанинг нақадар масъулиятли, айни чоғда катта аҳамиятга эга эканлигини теран англайдилар. Уларнинг ақл-заковати, фидокорона меҳнати билан Навоий кон-металлургия комбинатидек дунёга машҳур корхона ривожланмоқда. Олтмиш йил муқаддам Учқудуқда бошланган бунёдкорлик ишларини нафақат давом эттириш, балки уни кенгайтириш, янада юқори босқичга кўтариш, мустақил юртимиз иқтисодий қудратини юксалтиришни кўзлаб, руда қазиб олиш ва қайта ишлашга мўлжалланган янги конлар, заводларни ишга тушириш ҳамда энг замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозлантиришдек ғоятда мураккаб вазифалар комбинатнинг бугунги жамоаси зиммасидадир. Комбинатда мустақиллик йиллари, айниқса сўнгги даврда ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръатлари, ижтимоий соҳадаги ишлар кўламининг кенгайиб бораётганлиги бу вазифаларни шараф билан бажараётганимиздан гувоҳлик бераяпти. Азиз ҳамкасбларимизнинг заҳматли меҳнати туфайли одамларга қулайликлар яратилаяпти, бахтиёр онлар ҳадя этилаяпти. Демак, сизнинг меҳнатингиз бесамар кетмаяпти.

Комбинатимиз бўлинмалари, корхона тасарруфидаги шаҳар ва қўрғонларда Навоий кон-металлургия комбинатининг 60 йиллигини кенг нишонлаш бошланди. Байрам шодиёналари муносабати билан жойларда оммавий-маданий тадбирлар, комбинатда меҳнат қилаётган Ўзбекистон Қаҳрамонлари, давлат мукофотлари сов­риндорлари билан учрашувлар ўтказилмоқдаки, бу ёшларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда кон-металлургия соҳаси касбларига меҳр-муҳаббат уйғотишда муҳим аҳамият касб этади. Байрам тантаналарида меҳнат фахрийларига алоҳида эҳтиром кўрсатилмоқда.

Қадрли дўстлар, барчаларингизни комбинатимизнинг қутлуғ юбилейи билан қизғин муборакбод этиб, оилавий бахт, хотиржамлик, хонадонларингизга қут-барака, фарзандлар ва неваралар камолини кўриш бахти насиб этишини тилайман. Олдинда аҳил жамоамизни катта вазифалар, улуғвор режалар, нурли манзиллар кутиб турибди. Келгусида ҳалол ва фидокорона меҳнатимиз билан биргаликда ана шу юксак довонларни ҳам забт этишимизга ишончим комил.

Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат.

 

Низомиддин САДРИДДИНОВ

суҳбатлашди.

 

Учредитель - трудовой коллектив НГМК

Полная или частичная перепечатка материалов из газеты допустима только с письменного разрешения пресс-центра. Редакция знакомится с письмами читателей, не вступая в переписку. Газета распространяется по подразделениям НГМК.

Газета зарегистрирована в Агентстве по печати и информации Навоийского облхокимията 29 июня 2015 года. Регистрационный номер - 07-070, ISSN 2010-5266.
РЕДАКТОР

Садриддинов Низомиддин Хайриддинович

- начальник пресс-центра.
АДРЕС РЕДАКЦИИ: 210100, г.Навои, улица Навои 27, управление НГМК.
ТЕЛЕФОНЫ: 77-464(редактор), 77-363(техн.редактор), 77-366, 77-464(пресс-центр), 77-566(факс).

Свяжитесь с нами

  • Общий отдел (канцелярия): 0(436) 227-71-64, +998 79 227-71-64
  • Телефон доверия: 0(436) 227-72-22, +998 79 227-72-22

Авторское право © НГМК, 2015. Все права защищены.

Условия использования информации

Вы здесь: Главная Пресса К.С.САНАҚУЛОВ: «КОМБИНАТДА ИШЛАШ – ЮКСАК ШАРАФ»